Зўравонликка қарши ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилди
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муҳим янгиликлар

Оила — жамиятнинг таянчи. Унинг мустаҳкамлиги эса нафақат маънавий қадриятлар, балки аниқ ҳуқуқий кафолатлар билан ҳам таъминланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, у жамият ва давлат ҳимоясида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, 58-моддага мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли бўлиб, давлат уларга жамият ва давлат бошқарувида ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тенг имкониятлар яратишни кафолатлайди.

Бугунги кунда оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, уларнинг фаровонлигини ошириш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Шу билан бирга, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш зарурати долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.

Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, 2025 йил 9 апрелда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 1053-сонли Қонуни билан қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Унга кўра, Оила кодексининг 40-моддаси янги қоида билан тўлдирилди: эндиликда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахс талаб қилган тақдирда ярашиш учун муддат белгиламайди.

Бу норма амалиётда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки аввал айрим ҳолатларда ярашиш муддати тайинланиши жабрланган шахс хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Янги тартиб эса биринчи навбатда инсон хавфсизлигини устувор қўяди.

Қонун билан Уй-жой кодексига ҳам муҳим қўшимча киритилди. Энди уй-жойдан фойдаланишга оид низолар кўрилганда суд тарафлар келишувига асосан мулкдор зиммасига мажбурий киритилаётган шахсни тенг шароитли бошқа уй-жой билан таъминлаш ёки ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Бу норма айниқса низоли ҳолатларда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур ўзгартишлар суд амалиётида бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 15-сон қарори билан тегишли қарорлар ҳам янгиланди. Хусусан, никоҳдан ажратиш ишларини кўриш тартибига оид қоидалар қайта кўриб чиқилиб, зўравонликдан жабрланган шахс манфаатларини устувор ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Шу билан бирга, судларга оилавий (маиший) зўравонлик ҳолатларини баҳолашда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддаси ва Жиноят кодексининг 126¹-моддаси талабларидан келиб чиқиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Умуман олганда, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойили изчил таъминланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.

Қорақалпоғистон Республикаси суди
фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Еркин Ўтениязов

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.