Бугунги кундаги менинг асосий фаолиятим ва стратегик мақсадим илм-фанни иқтисодиёт ва тадбиркорлик билан интеграция қилиш бўлиб қолди. Чунки мен дунёга чиққанимда, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатларга бориб шуни тушундимки, давлатнинг ривожи ер ости қазилмаларига бой бўлишда эмас, иқтисодий муваффақиятга эришиш сири айнан илм-фанни ва таълимни иқтисод ва тадбиркорлик билан бирлаштиришда ва ҳар иккисини ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланишда экан. Асосий омил — билимни қийматга айлантира олиш қобилиятидир.

Япония — табиий ресурсларга деярли эга эмас. Нефт ва газ захиралари йўқ. Аммо Япония ЯИМ ҳажми бўйича дунёда етакчи ўринларда туради ва илмий тадқиқотларга ЯИМнинг тахминан 3%дан ортиғини сарфлайди.

Жанубий Корея — 1960-йилларда аҳоли даромади Африка давлатлари билан тенг эди. Бугун эса у технология, электроника ва автомобилсозлик соҳасида глобал етакчи. Жанубий Корея илмий тадқиқот ва инновацияларга ЯИМнинг 4–5% гача маблағ ажратади — бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Хитой — 1980-йилларда аграр иқтисодиёт эди. Бугун эса сунъий интеллект, 5G, саноат робототехникаси ва стартап экотизимида дунёдаги етакчи марказлардан бирига айланди. Университетлар ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу давлатларнинг умумий формуласи бир хил: Таълим → Илмий тадқиқот → Инновация → Стартап → Саноат → Экспорт → Иқтисодий ўсиш. Улар билимни фақат назария сифатида эмас, балки иқтисодий ресурс сифатида кўрадилар. Ўзбекистонда ҳам илм-фанни иқтисодиёт ва тадбиркорлик билан интеграция қилиш учун катта имконият ва салоҳият мавжуд. Бу имкониятлар тарихий ва замонавий асосларга эга. Бизнинг цивилизацион меросимизга назар ташласак: Абу Райҳон Беруний — геодезия, астрономия ва табиатшунослик соҳаларида илмий мактаб яратган. Ибн Сино — тиббиёт ва фалсафада дунё илм-фанига таъсир қилган. Ал-Хоразмий — алгебра асосчиси, “алгоритм” тушунчаси унинг номидан келиб чиққан. Бу шахслар нафақат тарихий ғуруримиз, балки Марказий Осиёда илм-фан анъанаси чуқур илдизга эга эканини кўрсатади. Бугунги кунда ҳам ёшларимиз иқтидорли эканлигини халқаро олимпиадалар, IT мусобақалари ва стартап лойиҳаларда иштирок этиш кўрсаткичлари йилдан-йилга ошиб боришида кўриш мумкин. Олий таълим тизимида университетлар сони сўнгги йилларда бир неча баробар ошди, хусусий университетлар ва хорижий филиаллар очилди, халқаро ҳамкорлик дастурлари кенгайди. Давлат сиёсати даражасида ҳам илм-фан ва таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илмий тадқиқотлар, инновация ва стартап экотизимини ривожлантириш стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланган. Масалан, тиббиёт соҳасида 5 мингдан ортиқ Ҳиндистон фуқаролари Ўзбекистонда таҳсил олаётгани қайд этилади. Бундай вазият муҳим хабар беради: Ўзбекистон тиббиёт таълими минтақавий рақобатбардош даражага чиққан ва таълим экспортга айлана бошлаган. Сўнгги йилларда Хитой ва бошқа давлатлардан ҳам талабалар кела бошлади, бу таълим бозорида Ўзбекистоннинг нуфузи ошиб бораётганини кўрсатади. Бу — иқтисодий нуқтаи назардан жуда муҳим, чунки таълим экспорти валюта тушумини таъминлайди, мамлакат имиджини оширади ва илмий ҳамкорликни кучайтиради. Лекин асосий савол шундаки: бизда тарихий интеллектуал мерос бор, иқтидорли ёшлар бор, университетлар, илмий тадқиқот институтлари ва марказлари мавжуд, давлат сиёсати ҳам илм-фан ва таълимни ривожлантиришга йўналтирилган. Энди масала — бу потенциални иқтисодий қийматга айлантириш механизмини яратиш. Илм, тадқиқотлар, кашфиёт ва инновациялар лабораторияда қолиб кетмаслиги керак. У стартапларга айланиши керак, стартап эса саноатга чиқиши керак. Муаммо шундаки, бизда илм-фан ва иқтисодиёт гўё икки хил маҳаллада яшайди. Улар бир мамлакатда, лекин бир-бири билан мулоқот қилмайди. Энг оғриқли жиҳат — бизда яратилган илмий ютуқлар ва патентлар кўп ҳолларда ўз саноатимизга хизмат қилмайди. Илмий кашфиётлар ўзимизда яратилади, ёш олимлар янги технология ўйлаб топади, патент олинади. Лекин кейин нима бўлади? Ушбу ишланмаларни технологик инфратузилмага эга давлатлар — АҚШ, Хитой каби давлатлар сотиб олади, тезкор равишда саноатга жорий қилади, оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўяди ва тайёр маҳсулотни глобал бозорга олиб чиқади. Сўнг эса ўша маҳсулотлар ўзимизга бир неча баробар қиммат нархда қайта сотилади. Бу фақат иқтисодий эмас, стратегик масала. Биз ғояни берамиз, улар эса қиймат яратади. Биз интеллектни етказиб берамиз — улар капиталлаштиради. Бу жараённи бир сўз билан аташ мумкин — интеллектуал имкониятни бой бериш. Энг таъсирли ҳақиқат шундаки, агар биз илмий ишланмани ўзимиз саноатлаштирганимизда, иш ўринлари бизда яратилар эди, солиқ тушумлари бизда қолар эди, технология мактаби шаклланар эди, экспорт қиймати бизники бўлар эди. Ҳозир эса занжир узилган: Ғоя — бизда. Завод ва фабрикалар — уларда. Фойда — уларда, импорт ва йўл харажати — бизда. Бу ҳолатни ўзгартирмас эканмиз, илм-фан ва интеллект миллий бойлигимиз эмас, балки экспорт қилинаётган ресурсга айланиб қолаверади. Лабораторияларда инновацион ғоялар ва илмий кашфиётлар яратилади. Аммо уларнинг катта қисми саноатга етиб бормайди. Натижада илмий иш мақола бўлиб қолади, патент жавонда чанг босади. Шу вақтда, технологик жиҳатдан илғор АҚШ, Япония ва Хитой каби давлатлар инновацияни тезкор равишда маҳсулотга айлантиради. Улар: Ғоя → прототип → инвестиция → завод → глобал экспорт занжирини бир тизим сифатида ишлатади. Натижа эса парадоксал ҳолат: бизда яратилган илмий ишланмалар — чет элда саноатлашади ва кейин ўзимизга қиммат нархда қайта сотилади. Бу — интеллектуал капитал экспорти. Иқтисодий жиҳатдан қарасак, бугунги кунда кўп тадбиркорларнинг эътибори ва маблағлари тез айланма даромадга ёки пассив капитал йиғишга йўналтирилган: чет элдан маҳсулот ва ускуна олиб келиш, импортга боғлиқ савдо, қурилиш ва кўчмас мулк, тайёр маҳсулотни сотиш. Бу ёмон эмас, аммо бу модель юқори қўшимча қиймат яратмайди. Импорт орқали савдо қилиш — қийматни тақсимлаш ҳисобланади. Инновация яратиш эса — қийматни яратишдир. Фарқ катта. Бу ерда психологик муаммо ҳам мавжуд. Энг оғриқли жиҳат — тадбиркорлик онгида илмий салоҳиятга ишонч етарли даражада шаклланмаган. Мен бу ҳақда йирик бизнес вакилларидан бири билан суҳбатлашганимда, у шундай деди: “Менинг вақтим пул туради.” Мен ундан: “Нархи қанча?” деб сўраганимда, гапни бошқа ёққа бурди. Бу гап шунчаки ибора эмас, бу бизнес маданиятининг кўзгуси. Агар суҳбат пул ҳақида бўлганида, эҳтимол вақт топилар эди. Лекин гап илм-фан, ижтимоий тадбиркорлик, таълим ва тиббиётни узоқ муддатли ривожлантириш ҳақида кетганда — бу ҳозирча жамият онгида устувор қадриятга айланмаган. Бугун бизда катта капитал, кўчмас мулк, импорт савдоси ва тайёр маҳсулот айланмасига йўналтирилган. Аммо ривожланган давлатлардаги тадбиркорларнинг капитали — технологиялар ва уларни жорий этишга сарфланяпти ва натижаси бир неча боробар катта бўляпти. Агар бу борада ўзгармасак, иқтисодий жиҳатдан орқада қолиб кетишимиз мумкин. Чунки қурилиш 5 йил даромад беради, технология 50 йил, импорт маржаси 10–20%, инновацион маҳсулот маржаси эса 200–300% гача етиши мумкин. Аслида бизнинг катта имкониятларимиз бор: олимларимиз, ёш муҳандисларимиз бор. Тиббиёт, IT, агротехнология ва энергетикада салоҳиятимиз бор. Лекин университет + тадбиркор + инвестиция + давлат бир тизимга айланмаган. Шу боис илм-фан — грантда, тадбиркор — импортда, иқтисод — хомашё ва айланмада қолмоқда. Илм-фан, таълим ва саноат интеграцияси масаласида Президентимизнинг ёндашуви мутлақо тўғри. Бу йўналиш мамлакат тараққиёт стратегиясида аниқ белгилаб қўйилган. Илмий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантириш — бугунги глобал рақобат шароитида ягона тўғри йўл. Аммо стратегик қарор қабул қилиш — масаланинг ярми, ижро эса иккинчи ярми. Бугун кўп ҳолатда давлат идоралари фақат аниқ инструкция ва ўз ваколат доирасида ҳаракат қилишмоқда. Тизимли ҳамжиҳатлик, ташаббус ва натижага қаратилган ёндашув етарли даражада эмас. Инновация аслида горизонтал жараён, у бир вазирлик ёки ташкилот доирасида ривожланмайди. Университет ва олимлар бир томонда, саноат — иккинчи томонда, инвестор ёки тадбиркор учинчи томонда, идоралар — тўртинчи томонда бўлса, тизим ишламайди. Масала лавозимда эмас, масъулиятда. Давлат идораси мутасаддиси, тадбиркор ёки оддий фуқаро — агар мамлакат ривожини истасак, барчамиз бир мақсад атрофида бирлашишимиз керак. Мен шахсан кўплаб таклифларимни юқори даражадаги мутасаддиларга киритганман. Уларнинг айримлари қарор даражасига чиқди ва амалиётга жорий этилди. Бу қарорлар сезиларли ривожланишга сабаб бўлганини кўриб, ўзимни бахтли ҳис қилганман. Албатта, кўкрак нишони ва мукофотларни доимгидек бошқалар олишади, аммо мен учун энг катта мукофот — лавозим ёки нишон эмас, энг катта мукофот — натижа ва давлат ривожига ҳисса қўшишдир. Таҳлилларим шуни кўрсатдики, асосий муаммо — ижро занжирида. Бугун ҳам ғояларим ва таклифларим ижобий қабул қилинмоқда. Ҳатто юқори даражада бу таклифларимни ижро этилиш юзасидан топшириқлар берилмоқда. Аммо ижро босқичига келганда занжир узилади. Нега? Оддий ижрочилар моҳиятни тўлиқ англамайдими? Масъулиятдан қочиш ҳолати борми? Ёки ташаббус кўрсатиш маданияти шаклланмаганми? Инновация — фақат ҳужжат билан эмас, тушуниш билан ишлайди. Агар ижрочи масаланинг стратегик аҳамиятини англамаса, у фақат “бажарилди” деган қоғоз ёзиш билан чекланади. Лекин натижа эса бўлмайди. Бу масалада энг катта тўсиқ — онг. Бу ерда масала шахсларда эмас, тизимли онгда. Илм-фан, таълим ва ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш ғояси ҳали жамиятнинг умумий иқтисодий онгига чуқур сингиб улгурмаган. Ҳозирча энг муҳим ва устувор вазифа — тез фойда кўриш ва чиройли рақамларни қайд этиш бўлиб қолмоқда. Узоқ муддатли стратегия эса иккинчи ўринда. Чунки эртага лавозим ёки имконият борми ёки йўқми, ишонч йўқ. Мақсад ҳам ҳар ким ўзиники. Умумий жамоавий мақсад шаклланмаган. Биз шуни тушунишимиз керакки, тараққиёт қисқа масофага югуриш эмас, балки марафон. Биз бугун тарихий бурилиш нуқтасида турибмиз. Бизда тарихий интеллектуал мерос бор, иқтидорли ёшлар бор, олимлар, университетлар, тадбиркорлар барчаси мавжуд. Демак, масала имкониятда эмас. Масала — бирлашишда. Агар илм-фан лабораторияда қолса — у статистикага айланади. Агар тадбиркор фақат импорт билан чекланса — у воситачига айланади. Агар давлат идораси фақат ҳужжат ва рақамлар билан чекланса — у формал институтга айланади. Лекин агар илм, таълим ва саноат бир занжирга айланса, мамлакат иқтисодий кучга айланади. Бугун дунёда энг қиммат ресурс — нефть эмас, балки энг қиммат ресурс — интеллект ҳисобланади. Агар биз ўзимиз яратган ғояларни ўзимиз саноатлаштирмасак, бошқалар бизнинг интеллектимиз орқали бойийверади. Бу фақат иқтисодий йўқотиш эмас, балки стратегик йўқотиш. Мен ишонаманки, Ўзбекистонда илм-фанни иқтисодиётга айлантира оладиган салоҳият бор. Бу ерда янги технологиялар яратиш мумкин. Бу ерда глобал бозорга чиқадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Ўзбекистонни минтақавий илмий-инновацион марказга айлантириш мумкин. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бу — қарор билан эмас, ҳаракат билан амалга ошади. Бу — фармон билан эмас, масъулият билан бўлади. Бу — лавозим билан эмас, виждон билан яратилади. Давлат идорасидаги мутасадди ҳам, катта капитал эгаси ҳам, ёш олим ҳам, оддий фуқаро ҳам — ўзига бир саволга жавоб бериши керак: “Мен мамлакатим интеллектуал қудратга айланиши учун нима қилдим?” Мен учун энг катта мукофот — кўкрак нишони эмас. Энг катта мукофот — натижа. Агар ғоя амалга ошса, агар иш ўринлари яратилса, агар технология ўзимизда ривожланса, агар ёшларимиз хорижга кетмасдан, ўз юртида глобал маҳсулот ярата олса — ана шу ҳақиқий ютуқ. Биз ресурслар мамлакати бўлиб қолишимиз мумкин. Ёки интеллектуал давлатга айланишимиз мумкин. Танлов — бугунги авлод қўлида. “Вақт пул туради,” дейишади. Лекин бу ерда сўз миллат ҳақида, халқнинг тақдири ва келажаги ҳақида кетаётгани учун бунга вақтни сарфлашга арзийди. Агар иқтисодимизни ривожлантириш борасида бугун бирлашмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Агар бугун ҳаракат қилсак, эртага бу ҳаракатларимиз ҳақида ёки бефарқ бўлганимиз ҳақида тарихда ёзилади. Мен ишонаманки, тарихда биз ҳақимизда ижобий баҳоланадиган тарзда ҳаракат қила оламиз. Бу фикрларимни камдан-кам одам ўқийди. Лекин гап эгасини топади. Кимлар ҳақида ёзганимни ўзлари тушуниб оладилар ва давлатимизни ривожлантириш йўлида ёндашувларини ўзгартирадилар деб умид қиламан.

Dr. Rasulev

Тафсия қилинганлар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига МИННАТДОРЧИЛИК «ANTIKORRUPSIYA» каналида «КЎЧМАС МУЛК КЎЧКАНИДА, ҲАҚИҚАТ ЎЧАДИ» рубрикасида «Ҳокимликдаги марҳумларнинг комиссияси», «Марҳумлар орқали тирикларни ҳуқуқдан маҳрум қилиш йўли», «Ёлғонлар ғолиб бўлди, ҳақиқат ғариб бўлди», «ЁЛҒОН ҲАҚИҚАТнинг устига минди» деб номланган серияли мақолалар эълон қилинган эди. Очиғи, бу қойдабузарликлар анча-мунча лавозимдаги, гуруҳдаги шахсларнинг қӱлидан келмаса керак. «Ҳақиқат эгилади, синмайди» деганидек, Нукус шаҳри, «Алмазар» МФЙ, 25-кичик туман, 164/1-уйнинг эгаси Сарсенбаева Гулайшанинг эри Аймбетов Тажетдин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қабулларига кириб, кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси прокурори номига такрор аризалар ёзганидан сӱнг, ҳурматли Президентимизнинг мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширишга топшириғининг таъсирими, энди бошқача ёндашув бўлди.

СОХТА ҲУЖЖАТНИНГ 8 ЙИЛЛИК САРГАЗДОНЛИГИ Ерниязов Султанияз Ажиниязович 2003 йил апрелдан 2004 йил апрелга қадар Қорақалпоғистонда бўлмагани, ҳарбий хизматда эканлиги Қорақолпоғистон Республикаси мудофа ишлари бошқармасининг QK 0090319-сонли ҳарбий гувоҳномаси билан тасдиқланган. Шу даврда Нукус шаҳар ҳокимлигига тан бӱлган тасодиф юз беради. Унинг номига 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли ҳоким қарорининг 46-банди билан исмини янглишиб «Ерниязов Султамурат» деб ёзиб, хусусий турар жой қуриш учун Нукус шаҳри, Ақмангит гузори 3-ер ўрни ажратилган. Бундан ӱзининг вақтида хабари бӱлмаган. Сабаби, ҳокимиятга ер ӱрни сўраб ариза ҳам бермаган, тегишли тўловларни ҳам тўламаган. 23 йилдан буён на ариза, на тӱлов квитанциялари топилса. Кейин Нукус шаҳар ҳокимининг 2009 йил 11 май кунги №68/5-1-сонли қарорининг 27-банди билан муддати ўтиб кетганлиги сабабли 2003 йил 29 декабрдаги 193/12-4-сонли қарорининг 46-банди бекор қилиниб, ажратилган ер ўрни шаҳар заҳира ер фондига қайтариб олинган.