Тизимнинг кушандаси: «Хўп бўлади» эффекти ва салбий селекция иллати
Давлат бошқаруви тизимида режимнинг ҳаддан ташқари қаттиқлашиши ва асоссиз талабларнинг ортиши кутилган тартибни эмас, балки тизимли инқирозни келтириб чиқаради. Бу жараён сиёсатшуносликда салбий селекция деб аталади. Иқтисодиётдаги Грэшем қонунига ўхшаш ҳолда, бошқарувда ҳам “ёмон пул яхши пулни сиқиб чиқаради” тамойили ишлайди. Яъни тизимда фақат “хуб бўлади” дейдиган, аммо натижа бермайдиган итоаткор ўртамиёналар кўпайса, улар мустақил фикрлайдиган ва креатив кадрларни четга сура бошлайди. Мантиқсизлик бошланган жойда иқтидор тизимни тарк этади.
Ташаббускор кадрлар йўқолган муҳит коррупция ва непотизм учун энг қулай шароитга айланади. Креатив ходим одатда шаффофлик тарафдори бўлади, чунки унинг кучи билимида. Лекин “тизимни тушунадиган”, ижрода кучсиз қатлам ўз ўрнини сақлаш учун таниш-билишчилик ва коррупцион занжирларга суянади. Улар учун ривожланиш эмас, ҳисоботлардаги чиройли рақамлар муҳимроқ бўлади. Яъни, бошқарув муҳитида фақат «хуб бўлади» дейдиган, ҳар қандай буйруқни муҳокамасиз қабул қиладиган, лекин ижро сифатига жавоб бермайдиган қатлам пайдо бўлиб, иқтидорли кадрларни тизимдан сиқиб чиқара бошлайди.
Бундай шароитда профессионализм ўрнини шахсий садоқат эгаллайди. Креатив ва ташаббускор кадрлар мантиқсиз талаблар ва интеллектуал эркинлик чекланган жойда ишлай олмайди. Натижада улар тизимни тарк этади, ўрнини эса мослашувчан, ўз фикрига эга бўлмаган итоаткор ўртамиёналар эгаллайди. Ташаббускор ходим тизимни янгилашни ва шаффофликни истагани боис, у мавжуд коррупцион манфаатларга хавф туғдиради. «Хуб бўлади»чилар эса тизимдаги коррупция ва непотизмга қарши чиқмайдилар, аксинча, унинг ажралмас қисмига айланадилар. Улар учун асосий мақсад ишни қойиллатиш ёки натижа бериш эмас, балки юқори турувчи раҳбариятнинг кўнглини олиш ва ҳар қандай йўл билан ўз курсисини сақлаб қолишдир, бу эса давлат аппаратини ички инқирозга етаклайди.
Қоғозда рақамлар ўсади, ҳисоботлар чиройли кўринади, режалар бажарилгандек туюлади. Аммо амалда иқтисодий ўсиш секинлашади, тизим эскиради ва коррупция янги шаклларда кучаяди. Бу стагнациянинг энг хавфли босқичидир, чунки ҳақиқий муаммолар сохта ҳисоботлар ортига яширилади. Бундай муҳитда бошқарув механизми ўзига хос институционал тузоққа тушади.
Натижа: Иқтисодий стагнация ва «Қоғоздаги ривожланиш»
Сиёсатшуносликда бу ҳолат «Потёмкин қишлоқлари» эффекти деб аталади. Ташқи томондан ҳамма нарса жойида: режалар бажарилган, кўрсаткичлар юқори. Аммо реал секторда ўсиш нолга тенг. Итоаткор ходим буйруқни муҳокама қилмайди, лекин унинг мағзини ҳам чақмайди. Бу эса ислоҳотларнинг «бўғилишига» олиб келади.
Бундай муҳит иқтисодга зарар келтиради. Профессионал кадрларнинг кетиши — капиталнинг чиқиб кетишидан ҳам хавфлироқ. Чунки давлат машинасини юргизадиган интеллектуал мотор тўхтайди.
Давлат идораларида режимнинг қаттиқлиги интизомни эмас, балки қўрқув ва мослашувчанликни шакллантирса, коррупция жадаллашаверади. Ривожланиш учун тизимга «итоаткор ижрочи» эмас, балки «масъулиятли профессионал» керак. Акс ҳолда, чиройли ҳисоботлар ортида эскирган бошқарув механизми қолаверади.
Қоғозда ва ҳисоботларда рақамлар чиройли кўриниб, ислоҳотлар жадал кетаётгандек туюлса-да, аслида реал секторда ривожланиш тўхтаб қолади. Тизим ишлаётган бўлса-да, коррупция янги шаклларда илдиз отаверади. Бу ҳолат стагнациянинг энг хавфли босқичидир, чунки мавжуд муаммолар сохта ҳисоботлар ва «хуб бўлади»чилар армиясининг сукути ортига усталик билан яширилади. Якунида профессионал кадрларнинг тизимдан сургун қилиниши давлатнинг интеллектуал салоҳиятини кемиради ва ҳар қандай ижобий ўзгаришнинг стратегик жиҳатдан имконсиз бўлиб қолишига олиб келади.
Креатив ва ташаббускор кадрлар мантиқсиз талаблар муҳитида ишлай олмайди. Улар тизимни тарк этади («brain drain»).
Натижада тизимда фақат мослашувчан, ўз фикрига эга бўлмаган ва раҳбариятга ёқиш орқали карьера қиладиганлар қолади.
Коррупциянинг «сокин бағри».
Ташаббускор ходим тизимни янгиламоқчи бўлади, бу эса эски коррупцион занжирларга халақит беради. «Хуб бўлади»чилар эса тизимдаги коррупция ва непотизмга қарши чиқмайди. Улар учун асосий мақсад — ишни қойиллатиш эмас, балки тепадан келган ҳар қандай кўрсатмани (ҳатто у ноқонуний бўлса ҳам) бажариб, ўз курсисини сақлаб қолишдир.
Бундай муҳитда статистик ривожланиш ва реал инқироз юзага келади:
Қоғозда — ҳисоботлар чиройли, рақамлар ўсмоқда, режалар 100% бажарилган.
Аслида эса ривожланиш суст, тизим эскирган, коррупция эса жадал ривожланади.
Тарихда сиёсий ва иқтисодий стагнациянинг энг хавфли аччиқ оқибатларига бой бўлган воқеаларни эсласак бўлади. Масалан, СССРнинг сўнгги йилларидаги «турғунлик даври» айнан шундай муҳит меваси эди. Ўшанда тизим фақат тепага маъқул келадиган ҳисобот берувчиларни рағбатлантирган, ҳақиқий аҳволни айтганлар эса «сиёсий нолойиқ» деб топилган. Натижада, иқтисодиёт қоғозда гуллагани билан, реалликда расталар бўшаб қолган.
Худди шунингдек, Лотин Америкасидаги кўплаб диктаторлик режимларида ҳам «карьера зинаси»дан фақат «содиқ» кадрлар кўтарилган. Бу эса давлатни профессионал бошқарувдан маҳрум қилиб, коррупциянинг давлат даражасига чиқишига ва якунда иқтисодий коллапсга олиб келган. Профессионал кадрларнинг тизимдан сургун қилиниши — бу интеллектуал капиталнинг бой берилиши демакдир.
Бугун Президентимиз томонидан ислоҳотлар ва ривожланиш учун кучли сиёсий ирода ва ҳаракат кўрсатилмоқда. Давлат раҳбари тизимни трансформация қилиш ва халқ фаровонлигини ошириш бўйича олдинга қадам ташламоқда. Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида кўплаб давлат идоралари ва вазирликлар катта иштиёқ билан иш бошлаган эди. Бироқ, вақт ўтиши билан айрим тизимлар янгиланишга эмас, балки мавжуд шароитга мослашиш йўлини танладилар.
Улар ислоҳотларнинг мағзини чақиш ўрнини «рақамлар ўйини» билан тўлдирмоқдалар. Бугун кўплаб идоралар реал вазиятни яхшилаш эмас, балки «чиройли рақамлар» ва сохта ҳисоботлар билан юқорини хотиржам қилиш тактикасига ўтиб олган.
Бу вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Эндиги қадам — ижро тизимида ҳисоботбозликка эмас, балки конкрет натижага ва жамоатчилик назоратига асосланган янги фильтрни ўрнатишдир. Давлат идораларида «хуб бўлади»чиларни эмас, балки «муаммо ва ечим бор» дейдиган профессионалларни қадрлайдиган муҳит яратилиши шарт.
Ижро тизимининг «мослашувчанлик тузоғи»дан чиқиши учун бюрократияни кескин камайтириш, қарорлар қабул қилишда эркинлик бериш ва ҳар бир рақамнинг ҳақиқийлигини мустақил институтлар орқали текшириш механизми зарур. Акс ҳолда, чиройли ҳисоботлар ортида ривожланишнинг тўхтаб қолиши давлатнинг стратегик мақсадларига эришишни қийинлаштираверади.
Dr. Rasulev