“ЎЗБЕКИСТОН — 2030” СТРАТЕГИЯСИ: МАЪМУРИЙ АДЛИЯ — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИНГ ИНСТИТУЦИОНАЛ КАФОЛАТИ
Бугунги глобал жараёнлар мураккаблашиб бораётган шароитда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масаласи ҳар қандай демократик тараққиётнинг марказий мезонига айланмоқда. Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғояси — “Инсон қадри учун” тамойили — айнан шу стратегик ёндашувнинг мантиқий ифодасидир. Ушбу концептуал ёндашув доирасида давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий мувозанат асосида қайта қуришда маъмурий адлия институти ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Илмий-ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда, маъмурий адлия — бу давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назоратини амалга ошириш орқали шахс ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи мураккаб процессуал-ҳуқуқий механизмдир. Оддий ифода билан айтганда, мазкур институт фуқаро ёки тадбиркорнинг давлат билан юзага келган оммавий-ҳуқуқий низоларда мустақил ва холис суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кафолатлайди.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистон шароитида маъмурий судларнинг ташкил этилгани давлат-фуқаро муносабатларидаги анъанавий асимметрияни бартараф этиш йўлида муҳим институционал қадам бўлди. Агар илгари давлат тузилмалари билан баҳслашиш амалда мураккаб ва самарасиз жараён сифатида қабул қилинган бўлса, бугун маъмурий адлия мазкур муносабатларда процессуал тенглик ва адолат мувозанатини таъминловчи таъсирчан воситага айланди.
Маъмурий судловнинг концептуал янгилиги, аввало, исботлаш юкининг қайта тақсимланганлигида намоён бўлади. Фуқаролик ва иқтисодий суд иш юритувида даъвогар ўз талабларини исботлаши лозим бўлса, маъмурий судловда маъмурий орган чиқарган қарорининг қонунийлиги ва асослилигини айнан шу органнинг ўзи исботлаши шарт. Бу — ҳуқуқий давлат принципларининг амалий ифодаси бўлиб, фуқаронинг процессуал жиҳатдан ҳимояланганлик даражасини сезиларли равишда оширади.
Мазкур ёндашув маъмурий судларни фақат низоларни ҳал этувчи орган сифатида эмас, балки давлат бошқаруви тизимида қонунийликни таъминловчи превентив институт сифатида ҳам намоён этмоқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мансабдор шахс қабул қилаётган ҳар бир қарор ёки хатти-ҳаракатнинг суд назоратидан ўтиши эҳтимоли уни ҳуқуқий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда иш юритишга ундайди.
Шу нуқтаи назардан, маъмурий адлиянинг ривожланиши коррупцияга қарши институционал механизмларни кучайтиришнинг энг самарали йўналишларидан бири сифатида ҳам намоён этади. Зеро, мансабдор шахс унинг ҳар бир ҳуқуқий ҳаракати ёки қарори суд томонидан текширилиши мумкинлигини англаган шароитда ноқонуний фаолият содир этиш хавфи сезиларли даражада камаяди.
Бу борада Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг стратегик йўналишини белгилаб берди. Хусусан, 2026 йил 16 февралда тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг тўртинчи устувор йўналишида давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини кучайтириш ҳамда маъмурий адлияни институционал жиҳатдан янада ривожлантириш алоҳида мақсад сифатида белгилаб қўйилган.
Ушбу стратегик вазифаларнинг изчил амалга оширилиши пировардида қуйидаги принципиал натижага эришилади: ҳар бир мансабдор шахс ўз ваколатини амалга оширишда қонун устуворлиги ва суд назоратининг муқаррарлигини амалда ҳис этадиган ҳуқуқий муҳит шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, маъмурий адлия — бу замонавий демократик давлатнинг институционал “лакмус қоғози”дир. Унинг самарали фаолият юритиши фуқароларда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончни мустаҳкамлайди, ҳуқуқий маданиятни юксалтиради ва энг муҳими — инсон қадрини амалда таъминлайди. Чунки, адолатли ва таъсирчан суд назорати қарор топган жамиятдагина барқарор тараққиёт ва фаровонлик учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилади.
Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси, ю.ф.б.ф.д.