“Фарғона азот” АЖ заводи меҳнат қилиб келаётганлар Индорама компаниясига сотилгач бир қанча ижтимоий муаммоларга дуч келмоқда
Ходимлар сони инвесторлар келгандан буён фақат камаймоқда. Бунинг сабаблари етарлича:
Янги ишчиларни қабул қилиш йўқ, корхонада разрядлар ва малака ошириш ишлари инвесторларнинг оғзаки топшириғи билан тўхтаган. Ишчилар разряд ошириш ва малакани ошириш учун белгиланган имтиҳонларни топширганлари хам ўтмаяпти. Эндиликда умуман тест жараёнларига хам рухсат беришмаяпти. Бу билан амалдаги меҳнат қонунчилиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 27-июльдаги “Farg‘onaazot” акциядорлик жамиятида мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-242 сонли қарори умуман зид бўлмоқда.
Инвесторлар келгач умуман ойлик ошмади. Аксинча рағбатлантириш мукофот пуллари кескин қисқартирилиб деярли йўқ қилинмоқда. Байрам саналарида оладиган мукофотларни йўқ қилишмоқда. Қиш учун қишлоқ хўжалиги учун пул (халқ тилида картошка пули) хам берилмади.
Ходимларни мавжуд бўш иш ўринларига хам ўтказишга рухсат беришмайди. Сабаби иш ҳаққи қўшилиб қолганлигида. Қайси ходим масъулияти юқорироқ лавозимга пастроқ маоши сақланган холда ўтишга рози бўлади? Ахир бу категорияси хавфли бўлган завод ҳисобланади. Эртага бирор бир бахтсиз ҳодиса юз берса бу инвесторлар жавоб бермайди (сабаби улар эксперт сифатида фаолият юритишмоқда холос). Жавоб берадиган ўзимизни қора кўзлар!
Яна бир масала, ҳозирда декретга бўлганларнинг ўрнида ишлаб келаётганларни декретдагилар ишга қайтган заҳоти ишдан бўшатилмоқда. Аслида уларнинг аксарияти аввал шу заводда бошқа лавозимларда ишлаган. Маълум сабабларга кўра шу декретдагилар ўрнида вақтинча ишлаб келаётганлардир.
Лекин инвесторлар ўз шахсий шароитлари учун пулни аяшмай ишлатишмоқда. Корхона профилакторийиси йўқ қилиниб, ўрнига улар учун шоҳона шароитли меҳмонхона қурилди. Хар бирига электромобиллар ва бошқа машиналар олинди. Ойлик иш ҳаққилари хам биз ишчиларнинг 1-2 йилда емай ичмай тўпласак йиғадиган суммага боради.
Савол туғилади, инвесторлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қарорларига бўйсунмайдими шунда? Қонунларимизни умуман менсишмайдими? Масъул ташкилотлар бир назар солмаса заводимизда “Инсон қадри” йўқ бўлиб кетмоқда.
Кўрамиз ўзини ҳурмати йўқ лекин бошқалардан ҳурмат талаб қилиб оладиган, шахсан биз учун икки тийинга қиммат обрўли матбуот котиби қандай муносабат берар экан, ёки аксинча ўзига қарашли дастурхончи, ялоқи ОАВ ниқоби остидаги икки тийинга қиммат шахсларни чақириб яширинча матбуот анжумани ўтказиб ишни босди босди қилиб юборармикан?