Ўзбекистонда ИИВ ахборот технологиялари сохасидаги жиноятларга қарши курашувчи бошқарма ходимларига бюджетдан ажратилаётган маблағ ўзини оқлаяптими? Нимага улар киберўғрилар олдида ожиз қолмоқдалар? Банк ходимлари киберўғрилар билан тил бириктириб олганга ўхшаш шубҳалар кўпаймоқда…
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёнлари жадал суръатлар билан амалга оширилаётгани расмий минбарлардан тез-тез таъкидланмоқда. Бироқ ушбу «рақамли тараққиёт» ортида минглаб фуқаролар учун оғриқли ва фожиали воқелик яширин: ҳалол меҳнат билан топилган маблағлар банк пластик карталаридан қонунга хилоф равишда ўғирланмоқда.
Ҳар куни юзлаб фуқаролар кибержиноят қурбонига айланмоқда. Давлат органларининг жавоби эса деярли ўзгармас:
«Ҳушёр бўлинг», «Сир сақланг», «Пуллар чет элга чиқиб кетган», аммо бу огоҳлантиришлар йўқотилган пулни қайтармайди.
Конституциявий кафолатлар қаерда қолди? Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65 моддасида давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаши белгилаб қўйилган ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлайди. Агар фуқаронинг уйига ўғри тушса, давлат:
жиноят иши қўзғатади,
ўғрини қидиради,
мулкни қайтаришга ҳаракат қилади. Нега энди фуқаронинг рақамли ҳамёни талон-торож қилинганда:
«топиш имкони йўқ»,
«транзакция чет элга чиқиб кетган» деган баҳоналар билан чекланилади?
Агар давлат рақамли мулк дахлсизлигини таъминлай олмаётган бўлса, демак, Конституциядаги кафолатлар амалда ишламаяпти. Бугун банк ва мижоз ўртасидаги муносабат мутаносиб эмас:
банк фойда олади,
хавф эса тўлиқ фуқаро зиммасига юклатилади. Қатор асосли саволлар очиқ қолмоқда: Нега фирибгарликка оид транзакциялар банк тизимлари томонидан автоматик равишда тўхтатилмаяпти? Нега «фрод-мониторинг» тизимлари халқаро стандартлар даражасида ишламайди? Нега банк ўз тизимидаги заифлик учун молиявий жавобгар эмас?Агар банк мижоз маблағлари ҳисобидан миллиардлаб фойда кўраётган бўлса, ўша маблағларнинг хавфсизлиги учун ҳам тўлиқ жавобгар бўлиши шарт. Жиноятчиларнинг «топилмаётгани» — техник имкониятлар йўқлигини эмас, тизимли муаммони кўрсатади. Замонавий молия дунёсида, ҳар бир транзакция из қолдиради,
пул ҳаракати занжир бўйлаб кузатилади, криптооперациялар ҳам мутлақо «кўринмас» эмас. Агар мутахассис етишмаса — чет элдан жалб қилиш керак. Агар технология етмаса — сотиб олиш керак.
Чунки бу ерда гап фақат пул ҳақида эмас — халқнинг давлатга бўлган ишончи ҳақида кетяпти.
Хурматли Президент!
Бу бўлаётган ҳолатлардан сизнинг хабарингиз борми? Ушбу ҳолатлар бўйича бутун республика бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилиш вақти келмадими? Кибержиноят қурбони бўлган фуқароларга етказилган зарар банклар ёки махсус давлат жамғармаси ҳисобидан зудлик билан қоплаб берилиш механизмини депутатлар ишлаб чиқса бўлмайдими? Қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, хавфсизликни таъминлай олмаган банк мижоз олдида тўлиқ молиявий жавобгар бўлиши шарт қилиб қўйилсин. Жойларда реал IT-қидирув билан шуғулланадиган, замонавий билим ва ваколатга эга махсус мутахассислар гуруҳи ташкил этилсин. Блогерларни кетини пойлайдиган троллар армияси кимга керак?Ўғирланган маблағлар занжир бўйлаб ҳаракатланаётган пайтда, уларни исталган босқичда — ҳатто бошқа банкка ўтган бўлса ҳам — сониялар ичида тўхтатиш имкони яратилсин.
Халқнинг давлатга бўлган ишончи баландпарвоз гаплар билан эмас,
унинг ҳамёнидаги пул қанчалик ҳимоялангани билан ўлчанади. Агар давлат ўз фуқаросини рақамли ўғрилардан ҳимоя қила олмаса,
«рақамли келажак» ҳақидаги барча баёнотлар қоғозда қолиб кетади.
Одамлар хозир имтиёз эмас — ҳимоя ва адолат талаб қилмоқда.
Баҳодир Сапаев ANTIKORRUPSIYA асосчиси, хуқуқшунос ва иқтисодчи
Каналимизга обуна бўлинг
👇
http://t.me/antikorruz