Инвестициявий низоларни судда кўриш тартиби
Республикамизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, 2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
Қонун билан ушбу Кодексга иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишларнинг тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 25-моддаси биринчи қисмининг 51-банди ва 301-моддасига биноан иқтисодий судлар томонидан қуйидаги инвестициявий низолар бўйича ишлар кўрилиши белгиланди:
1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;
2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;
3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;
4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;
5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.
ИПКнинг 32-моддасига кўра, йирик инвесторнинг даъвогарлигидаги инвестициявий низолар бўйича ишлар унинг хоҳишига мувофиқ бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.
Аммо, йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволари ИПКнинг 34-моддасига биноан даъвогарнинг танлови бўйича жавобгар жойлашган ердаги туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судига ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.
Шунингдек, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволари жавобгар жойлашган ердаги туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.
Шу ўринда йирик инвестор сифатида кимлар эътироф этилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонига биноан йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахлар йирик инвесторлар ҳисобланишади.
Бундан ташқари, ИПК 151-моддасининг учинчи қисмига асосан инвестициявий низолар бўйича даъво аризасига инвестиция шартномасининг кўчирма нусхаси, йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризасига эса унинг йирик инвесторлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши лозим.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг суд томонидан ишончли ҳимоя қилиниши давлатимиз томонидан бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг ошишига омил бўлиб хизмат қилади.
Қўнғирот туманлараро иқтисодий суднинг раиси Қ.О.Хожамуратов